Ijtimoiy tarmoqlar:
ВИҚОР

#Aмир_Темур
“Темур” ҳодисаси (ул зоти шарифнинг душманлари шунчалик шафқатсизки, ҳатто отини ғижиниб айтади; мен ҳам улар билан бас бойлашдим) ўн беши кам 700 йилдан бери тарих чархпалагида айланади. Гарчи Ер жойида турган бўлса-да, тузумлар-тутумлар неча бор ўзгарди ва Шахсга муносабат ҳам минг бора турланди. Гапнинг сирасини айтганда, тарих ғаладонида Соҳибқирон Амир Темурдек турли нуқталардан баҳо берилган зот кам бўлса керак.
Бу ҳолнинг қатор сабаблари бор. Аввало, турлича қарашларнинг билдирилиши қонуний ҳол, тараққиёт (тирикликни таъминлаб турган ҳаракат)нинг табиати шуни талаб қилади. Яъни ривожланиш қарама-қарши қутбларнинг ўзаро кураши – иккига бўлиниб олиб, бир-бирига қарши “жанг”и оқибатида юзага келар экан, бир масалага ҳамманинг бир хил қараши мумкин эмас (бундай мутлақ муносабат буюк Яратувчигагина хосдир). Шу маънода фақат бир хил қараш сунъий “худо”ча яратишга ҳам ўхшаб қолади. Ватандошимиз Амир Темурга муносабатда эса инсон табиатига хос жуда кўп омиллар мужассамлашган. Аввало, шахс зиддиятининг боиси - фаолият зиддиятларга тўла маконда кечганидан. Ўшанда ҳам ватан зулм исканжасида эди: қарийб бир ярим асрлик истило ҳамма нарсанинг одатдаги ўзанини бузиб юборган ва қарор топган азалий қадриятлар бир қанча қолиплар тазйиқи ичида яшарди, миллат ўзлигини, қиёфасини йўқотганди.
Иккинчи бир омил эса бевосита Ҳазратнинг маслаги билан боғлиқ. Соҳибқирон ўз асари “Темур тузуклари”да шундай қайд этган: “Дилимнинг машриқидан кўтарилган биринчи тузугим ҳар ерда ва ҳар қачон ислом динига ва Муҳаммад (с.а.в.)нинг шариатларига ривож бериш бўлди”. Маълумки, диний таълимотларда жами инсоният оламидаги ягона қарашлар қарор топмаган, ҳатто бу мумкин эмасдек ҳам туюлади. Бинобарин жорий қилинган ва “дунё динлари” дея эътироф этилган илоҳий қарашларда ҳам ички ихтилофлар бор, бу ҳол шу кунларда ҳам давом этаяпти (масалан, Саудия давлатининг ўз диндошларига Хитой ўтказаётган сиёсатни маъқуллаётгани далилини олиб кўринг). Демак, эътиқод байроғига қадами етган жойда мусулмончиликни жорий этаман, деган шиор ёзилган фидойининг ҳам ҳаракатлари бир хил кутиб олинмаслиги, қаршиликка учраши ва бу ҳолнинг оқавалари узоқ давом этиши оддий ҳақиқат.
Учинчи бир сабаб шу бўлиши мумкинки, буюк бобомиз от сурган, ўз қаламравига олган ҳудудлар масофа жиҳатидангина эмас, тарихи, маънавияти, аҳолиси, удумлар – умуман, бутун борлиғи билан бир қолипга сиғмасди ва бундай бепоёнликда ҳаммани бир дунёқарашда, ягона фикрлаш тарзида ушлаб туриш ҳам имкондан ташқарида эди. Шу туфайли Амир Темур деганда етти асрдан бери бир-бирини инкор этадиган фикрлар изҳор қилинмоқда ва бу ҳол давом этаверади. Бундай муносабатга гувоҳ бўлиб, бир томондан, ўз ватандошингга нисбатан бутун дунё аҳли бепарво эмаслигидан, шу зот туфайли ҳатто кўз илғамас қишлоқларимиз ҳам инсоният тарих китоби зарварақларидан жой олганидан мамнун бўласан (негаки, бундай зотлар ер юзидаги минглаб қавмларнинг ҳаммаси пешонасига битавермаган), иккинчидан эса ҳозирги маърифат асрида, хабарлар хаёл тезлигида тарқалаётган даврда қўл етгудек жойдаги одамларнинг беш бармоқни хатосиз санашдек оддий ҳақиқатни тан олмаётгани ўйлантириб қўяди: бу ҳол, ростдан ҳам бехабарликми ёки инсон қавмига ҳос оддий юраги қоралик – ҳасадми? Майли, ҳаммага инсоф берсин, аммо ростни рост сифатида тан олиш учун ҳам одам анча юксак маърифатли бўлиши лозим экан.
Агар кимдир ҳеч нарсадан бехабар бўлса (хабардорлар ҳам билиб олса ёмон бўлмайди), муҳокама марказидаги инсон ким эканини яна бир марта эслатиш, баъзи ёрқин ўринларни такрорлаб ўтиш ҳам фойдадан холе бўлмас, деб ўйлайман. Аввало, Темурбекка кўплаб ҳукмдорларда бўлганидек, салтанат мулк сифатида отадан мерос бўлиб ўтмади. Балки Яратганнинг инояти туфайли ўзининг жидду-жаҳди, ғайрати билан ҳаммасига эришди. У бир туғ остида шунчалик катта ҳудудни қовуштира олдики (тарихчилар Амир Темур империяси ўша пайтдаги 27 давлатни бирлаштирганини қайд этадилар. Бугунги ҳолатга разм солинса, бу давлатлар сони 40 га яқинлашиб қолади), ўша йиллари кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд деярли ер юзининг бош кентига айланди. Ва бу улуғ салтанат инсоният тарихидаги энг сўнгги буюк империя бўлиб қолди.
Эътибор беринг, ана шундай бепоён ҳудуд бир одамнинг қошу қабоғига қарарди, унинг иродаси турли дин ва эътиқоддаги одамлар учун қонун эди. Яна эътироф этиладиган томони – бу иттифоқ кучга, зулмга асосланмаган эди (мамлакат яхлитлигини таъминлаш учун уюштирилган ҳарбий ҳаракатлар истисно қилинади), балки халқларнинг Соҳибқирон паноҳида, унинг қаноти ва марҳамати остида тараққий этиб, тўқ, фаровон яшаш хоҳишидан юзага келган яхлит давлат эди. Амир Темур ва Темурийлар даврида иқтисодиёт ривожлангани, илм-фан, санъат-маданият гуллаб-яшнаганини бугунги синчилар ҳам тасдиқлайдилар ва бу давр чинакамига инсоният тамаддунидаги иккинчи Ренессанс деб баҳоланган. Ўшанда санъат ва адабиётда, хусусан, меъморчиликда етти юз йилдан кейин ҳам етиб бўлмайдиган ютуқлар қўлга киритилганди, натижа шунчалик бетимсолки, сирини очмаган, яъни ҳозирги тараққиёт босқичида кашф қилина олмаётган мўъжизалар (олайлик, буёқларнинг таркиби) ҳамон мавжуд.
Ҳа, бу силсила бир шахс фаолиятидан юксалиб, жаҳоншумул кўлам касб этди. Бир ота – Соҳибқирон Амир Темурдан тўраган авлодларнинг шаън-шавкатини кўз олдингизга келтиринг! Ер юзининг исталган нуқтасида, исталган миллатига шундай толеъ насиб этса, умидли дунёда яшаётган ҳар қандай инсон зоти ўз қавмидан – яъни инсонлигидан фахрланади. Афсуски, бу ютуқларга зулм билан, куч билан эришиб бўлмасди. Улуғ ота асослаган ўша тутум – “Куч – адолатда!” шиори бир зум амалдан қолмади, кўздан фаромуш бўлмади. Бу салтанат жануби-шарқий Осиёда Бобурийлар тимсолида қандай буюк мўъжизалар яратди! Бу юксакликнинг пойдеворини, шубҳасиз, Амир Темур қўйганди.
Ҳар бир хусуий амалда, кишти-корда умр бўйи Соҳибқироннинг дасти билиниб турди, унинг ибрати фарзандларга куч-қувват, қолаверса, илҳом берди. Ахир шонли ҳаёт саҳифалари инсон нималарга қодирлигини максимал тарзда намоён қилиб қўйган эди-да! Баъзи хусусий ўринларни эслайлик.
Ҳазрат ўзбек уруғидан бўлган Тўхтамишхонни фарзанд мақомида кўрди. У тунғич ўғил Муҳаммад Жаҳонгир билан қарийб тенгдош, унинг талъатидаги жозиба Соҳибқиронни биринчи кўришдаёқ жалб этганди. Муҳаммаднинг вафоти эса бу меҳрни алангалатди, фарзанд доғини Тўхтамишни қанотига олиб, ювмоқчи бўлди, уни чин ўғил деб қабул қилди ва камоли учун ҳамма ҳимматини кўрсатди. Лекин “етим бола асрасанг, оғзи-бурнинг қон қилар” деган гап тўғри экан. Ифлос одамларнинг қутқусига учган ва ўзини Чингизхон вориси дейишгача борган Тўхтамиш ҳазрат сафарда пайтида Мовароуннаҳрга бостириб келди ва талади. Бу биринчиси эмас эди. Темурбек ҳаддан ташқари ғазабланди. Гарчи қаҳратон қиш бўлса ҳам, чопқинлардан чарчаган бўлса ҳам, черик тўплашга амр этди. Бир ишора билан Тошкент атрофида 2 юз минг қўшин жам бўлди. 1391 йил 19 январь куни салтанат ҳудудларини безовта қилган нобакор, туз кўр қилгур босқинчи билан ҳисоб-китоб қилиш учун йўлга тушилди.
Бу гапларни бир оз нафасни ростлаб ўқиш керак, негаки, улар етарлича такрорланган. Фақат вазиятга эътибор беринг: қиш, совуқ, итни урса, кўчага чиқмайди. Аммо Ватан тақдири, таҳликали иқболи иссиқ ўринни совутишга мажбур қилаяпти, фурсат қўлдан бой берилса, бошқа душманлар ўзаро иттифоқ тузиб, энди оёққа туриб олган Самарқанд давлатини хавф остига солиши мумкин. Қиш аёзида бошланган сафар изиллаган қор-бўрон, бепоён чўллар, сувсизлик ва озуқа танқислигида олти ой давом этади. Яна мулоҳаза учун далил: икки юз минг кишининг тирикчилиги, еб-ичиши, ётиш-туриши...Ҳолбуки, жонига тўйган бир гуруҳ тунда босқин ясаб, ўзларини безовта қилган одамни бир ёқлик қилиши мумкин. Аммо ундай бўлмайди. Отнинг бўйнини қайирадиган кучга эга йигитлар Соҳибқиронни отасидек яхши кўради! Унинг измидан чиқмайди. Лашкарбоши шу даражада меҳр қозонган. (Тарихчи Ибн Арабшоҳ бундай ҳолларни изоҳлаб, шундай ёзганди: “Темурнинг обрўси улусда жуда баланд эди. Агар уни Худо десалар, ҳамма ишонарди”). Энди, бу сафарнинг бошқа тафсилотлари саҳифага сиғмайди.
Гап Соҳибқироннинг одамлар қалбидан жой ола билиш, уларнинг бошини қовуштира олиш маҳорати ҳақида кетар экан, бунда битта омил: Амир Темур ҳиммати туфайли бирон заиф зўравондан жабр кўрмаганини, ҳеч кимга ҳеч қачон адолатсизлик қилинмаганини таъкидлаш лозим. Ноҳақликка учраган одам касалликка чалинган бемордан кўпроқ азият чекади: на туришида, на юришида ҳаловат бўлади. Ноҳақликка чалиниш тиш оғриғидан минг бора ёмон. Энди шу оғриқдан халос қилган жўмардни кўз одингизга келтиринг. Ҳамманинг Темурбекни яхши кўришининг сирларидан бири шу эмасми?
Ана шундай минглаб-миллионлаб оддий одамлар қалбидаги меҳр буюк ислоҳотларга куч берди. Улкан қурилишлар ана шундай меҳр туфайли амалга оширилди. Ахир пурвиқор тоғларнинг, жаннат боғларининг ҳам рашкини қўзғайдиган иморатлар ўз-ўзидан барпо бўлиб қолмайди. Агар одамларнинг ихтиёрий ва меҳрли ҳаракати бўлмаса, пойдеворни тиклаш ҳам осон кечмайди. Ҳолбуки, Шаҳрисабздаги Оқсаройни тиклаш ишлари йигирма беш йил давом этган ва унга эллик минггача одамлар сафарбар қилинган. Яқинда қозоғистонлик қардошларимиз бир далилни маълум қилишди. Туркистон шаҳридаги Аҳмад Яссавий мақбарасининг ғиштлари учун қирқ чақиримлар наридаги Соброн деган тепаликнинг тупроғи маъқул кўрилади: тупроқ халқона тилда айтганда “мойли”, лойи ширали, ундан энг пишиқ ғишт чиқади. Шу жойда тайёрланган ғиштлар қўлма-қўл қурилиш майдонига етказилган.
Бугунги мутахассисларнинг ҳисоб-китобига қараганда, бу юмушни амалга ошириш учун ўттиз беш минг одамни қаторлаштириб қўйиш талаб қилинар экан. Агар ғишт узатувчиларни дам олиб ишлашлаши ҳисобга олинса, икки баравар, яъни етмиш минг одам жалб қилишиши лозим экан. Амалда ҳам шундай бўлган. Эътибор беринг маҳобатга, қурилишнинг кўламига: фақат ғишт ташишга етмиш минг одам бир йўла сафарбар этилаяпти. Демак, уларнинг тирикчилиги ҳам таъминланаяпти. Агар “Бир улоққа ҳам сув керак, ҳам дон” нақлини эсласак, бутун бир издиҳомни бир қўлга буйсундириш, яна ягона мақсадга йўналтириш озгина куч талаб қилмаслигини тушуниш қийин эмас. Бу жўн далиллар ўша кунлар салобатини, шукуҳини баъзи дунёқраши кирланган кишиларга бутун бўй-басти билан тасавур қилишда асқатиб қолар, эҳтимол.
Аслида, маълум ҳақиқатларни такрорлаб ўтириш маҳмаданалик туюлиши мумкин. Лекин тарих фақат тарих учун эмас ва маърифатли одамзот илгариланма ҳаракатида ўтмиш сабоқларидан ўрганади. Бу ҳол хатоларнинг олдини олади ва тараққиётни тезлаштиради. Шу маънода янгиланаётган, учинчи Ренессансга интилаётган Ўзбекистон учун ёрқин намуналар тайёр турибди. Фақат ўша хазиналардан баҳраманд бўлиш масаласи кўндаланг бўлмоқда. Афсуски, бу борадаги ишлар мақтанарли эмас. Ҳамон гап нимадалигини билмай ёки атайлаб, ҳақиқатдан чекиниш, унга қора чаплаш ҳоллари учраяпти. Кўнгли бузуқ одамнинг ойдан ҳам доғ топиши қийин бўлмаганидек, ўша шукуҳли кунлардан ҳам қора нуқталар топишаяпти. Бу ҳали ўрганилмаган жиҳатлар, мунозарали масалалар юзасидан бўлса. тўғри тушуниш мумкиндир, мабодо, Амир Темур ўзига ҳужум қилганларни енгиб, нотўғри иш қилган, қабилидаги бебурд гаплар айтилса, унга чидаб бўлмайди. Тарихда ўз рақибини енган кишини қоралаш, “босқинчи”ликда айблаш бўлганми? Ижтимоий тармоқларда баъзи ғаламислар шу даражагача боришаяпти. Нима эмиш, агар шундай бўлмаганда, бири Олтин Ўрдани тиклаган бўларкан, бошқаси ўз давлатини юксалтираркан (унақада, сенинг момакалонинг ҳам бошқалардан ҳомиладор бўларди!).
Бу гапларга “Ит ҳурар...” қабилида парво қилмаслик ҳам мумкин, аммо ўртада ёшларнинг дунёқараши, тарбияси масаласи турибди. Нотўғри тасаввурга борганларга миллий ифтихор, ўз ўтмишидан фахрланиш, шу орқали ватанпарварлик туйғусини сингдириш осон кечадими? Бундай ҳоллар қўшимча муаммолар туғдирмайдими? Гап шу ҳақда кетар экан, бу борада бепарволикка берилиш жоиз эмас. Дунё тан олган, биз яшаб турган ҳудудларда от сурган буюк зотнинг тарихини бутун борлиғича навқирон авлодга етказиш катталар зиммасидаги ота-қарздир.
Битта умумий ҳолат: ҳеч ким Амир Темурни илоҳийлаштирмоқчи ёки унга маддоҳлик (“пахтакорлик”) қилмоқчи эмас. Буюк зотнинг борлиғи, кўркам жамоли ҳар қандай даражадаги мадҳиябозликка муҳтож эмас. Истисно ҳолат шундаки, пўлат қувурни қайириш учун унинг ички тузилмаларини синдирадиган, ундан кучли қудрат лозим бўлганидек; тошни ёриш учун унинг зичлигини кесадиган босим билан таъсир этиш шарт бўлганидек, бобомиз ғалабаларини таъминлашда катта куч билан ҳаракат қилган ва бу ҳол баъзан кескин ҳолатларни юзага келтирган бўлиши мумкин. Ахир “Ғалаба қурбонсиз бўлмайди” ва яна “Ғолиблар суд қилинмайди”, дейишади. Эндиликда бундай ҳолатларни эслаб ўтириш мавриди ҳам эмас. Қолаверса, бугунги шароитда Соҳибқирон бобомизнинг бўй-басти шундай юксаклик кашф этганки, уни эмас, унинг талъатига солиштириб, бошқаларга баҳолаш адолатли бўларди. Ким маърифат билан тўйинган бўлса, бу ҳақиқатни эътироф этади, ким жаҳолат чангалида ёки аламзада бўлса, инкор этаверади.
Ана шу мантиқий хулосани ҳар ким ўзича кашф этса, бошқа изоҳга ҳожат қолмайди. Энди масаланинг иккинчи томони бор. Гап шу мавзудаги маълумотларнинг жамоатчиликка етиб бориши юзасидан кетмоқда. Афсуски, ҳамма юртдошларимиз ҳам бу ҳақида бирор китоб ўқиган ёки бадиий фильм кўрган эмас (қолаверса, бундай воситаларни ҳам етарли деб бўлмайди). Оммабоп, халқчил китоблар яратилмаган, борлари ҳам кам нусхада чоп этилган. тарғибот қилинмаган, жамоатчилик билмайди, сценарийлар бор, фильмлар ишланмаяпти. Ҳолбуки, бизнинг мозий хазинамизда дунёдаги ҳар қандай халқ орзу қиладиган бойликлар бор! Ўз тарихи билан қизиқмаган, унинг шонли саҳифаларидан баҳраманд бўлиб, вужудида фахр-ифтихор ҳис этмаган, кимлигидан виқор туймаган киши бошини бир умр ердан кўтара олмайди. Мағрур юришга, боболар шон-шавкатидан виқор ҳис этиб яшашга нима етсин!
Президентимиз маънавият масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида “Ўн бешинчи асрда Соҳибқирон Амир Темур асос солган ва унинг муносиб авлодлари давом этитирган муҳташам салтанат юртимизда иккинчи Уйғониш, яъни иккинчи Ренессанс даврини бошлаб берди” деб таъкидлади. Бугун ўтмиш тажрибасини ўрганиш ҳар қачонгидан ҳам долзарблик касб этган экан, нурафшон кунларнинг маърифати дастуруламал бўлиб хизмат қилади. Тарихий мавзудаги китобларни ўқиш, умуман, китобхонлик оммавий тус олади, албатта.

Бошинг нега эгик, рангинг ҳам сўлғин,
Кипригинг намунча ерни тешади?
Қаддингни кўтариб, кўкка термилгин,
Сенга етмаётган Ғурур ўшами?!

Олам аҳли таниб, қуллуқ қилган Зот,
Отда ҳузурингга келиб турган дам,
Соҳибқирон шуҳратидан чиқариб қанот –
Виқор билан яша, эй, камтар инсон!

Ҳаким САТТОРИЙ,
Республика Маънавият ва маърифат маркази ходими.

06.04.2021