Ijtimoiy tarmoqlar:
МАЪНАВИЙ ҚУДРАТИМИЗ РАМЗИ

#Амир_Темур

Соҳибқирон Амир Темур – шаън-шавкатимиз, ғурур-ифтихоримиз ҳамда халқимиз даҳосининг тимсолидир. Мамлакатимиз истиқлолга эришгач, Амир Темур шахси яна Ватан ва миллат тимсолига айланди.

Зеро, Амир Темур номи, унинг сиймоси юксак ватанпарварлик, адолат ва озодлик тимсоли сифатида халқимизни бирлаштириш, жипслаштиришда, иймон-оқибатли бўлишда, буюк келажагимизни қуришда бизга янгидан янги куч-қувват ва шижоат бағишлаб турибди.

Бугун Мудофаа вазирлигида Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамкорлигида “Амир Темур – мардлик ва матонат тимсоли” мавзуида ўтказилган маънавий-маърифий тадбир буюк Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 685 йиллигига бағишланди.

Тадбирда Республика Маънавият ва маърифат маркази бўлим бошлиғи М.Зикирова, темуршунос олим Ҳаким Сатторий, Мудофаа вазирлиги қошидаги “Турон” давлат ҳарбий театри актерлари ҳамда Мудофаа вазирлиги Қуролли Кучлар ашула ва рақс ансамбли хонандалари иштирок этдилар. Амир Темурнинг ҳаёти ва фаолиятини ёритувчи маърузалар, “Бибихоним” спектаклидан саҳна кўринишлари, ижро этилган куй ва қўшиқлар тадбир иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.

Тадбир доирасида Амир Темур ҳаёти ва фаолиятига бағишланган адабиётлар кўргазмаси ҳамда Ғафур Ғулом нашриёт-матбаа уйи билан ҳамкорликда китоб ярмаркаси ўтказилди.

Бу каби тадбирларнинг ўтказилиши ҳарбий хизматчиларда буюк сиймоларимиздан фахрланиш, миллий ғурур туйғуларини шакллантиришга хизмат қилиши билан ҳам аҳамиятлидир.

@manaviyat_uz

08.04.2021