МЕЪЁР УНУТИЛГАНДА
Наҳот орзуларимиз тўй-тўйчиқдангина иборат бўлса?!
Оилавий маросимлар, айниқса, тўйлар халқимизнинг кўп асрлик қадриятлари, ардоқли анъаналари сирасига киради. Аммо меъёрнинг бузилиши, ғулувга кетиш сабаб анъаналар ҳам қадрият мақомини йўқотиб, миллат тараққиётига тушов бўлиши мумкин экан. Не тонгки, тўй, маърака ва бошқа маросимлар ҳам шуҳратпарастлик, худписандлик, исрофгарчилик борасида кимўзар беллашувга айланиб кетди. Бу ҳол ҳар бир зиёлини, ҳар бир соғлом фикрли ватандошни ўйга толдириши табиий.
Икки манзара
Бадавлат бир танишимиз бор. Оллоҳ сарватдан ҳам, савлатдан ҳам қисмаган. Тўй қилса, машҳур ҳофизу отарчиларни чорлаб, довруғини достон қилмай қўймайди. Тўй маросимлари, базми жамшидларни бир неча кунга чўзмаса, кўнгли жойига тушмайди. Аммо ажабки, тўй учун жарақ-жарақ ақча сарфлайдиган бу валламат фарзандларининг ўқишига пул беришга қорни оғрийди. “Контракт пули” ошиб кетганидан ёзғириб юради денг!
Яна бир ўқитувчи дўстимиз бор. Қўли юпқа, аёлманд. Топгани рўзғорга аранг етади, аммо ҳар икки-уч йилда хеш-ақрабодан қарз кўтариб хатна тўйи қилади, элга уч-тўрт пуд ош беради. “Ўзингизни қийнаб нима қиласиз, биродари азиз?” десангиз, “Дўст-ёрларнинг дастурхонида меҳмон бўлиб юрибмиз. Элдан қолмайлик, биз ҳам қарзимизни узайлик. Боз устига, қолганлардан нима кам жойимиз бор?!” дейди ясама кўтаринкилик билан. Тўйдан тўйгача қарзларни узиш учун жонингни жабборга бериб ишласанг, устинг юпун, қорнинг оч-тўқлигига қарамасанг, ўзинг учун қачон яшайсан, эй бандаи некбахт?! “Элдан қолмаслик” учун ош бериш зарурдир, аммо тўй қарз-қавола билан эмас, “Бор – борича, йўқ – ҳолича” тарзида ўтказилиши керак-да!
Бугун тўй, маросимлар борасида жамиятдаги бой табақа ҳам, камбағал қатлам ҳам меъёрни унутгандек. Халқ оғзаки ижоди миллат тафаккури тадрижини кўрсатувчи манбалардан экани сир эмас. Ўзбек халқ эртакларида паҳлавонлар етти кеча-кундуз, подшоҳлар эса қирқ кеча-кундуз тўй қилишади. Назаримизда, барчамиз эртаклардаги паҳлавону тождорлардек тўй қилиш васвасасидан қутула олмаётгандекмиз. Акс ҳолда, жамиятимизда кучайиб бораётган тўйпарастликни нима деб баҳолаш мумкин?..
Юз йиллик дард
XIX аср охири – XX аср бошларида Туркистонда шаклланган жадидлик ҳаракати намояндалари миллат тараққийсига тўсқинлик қилаётган иллатларга қарши мардонавор курашгани маълум. Тараққийпарвар жадидлар, жумладан, тўй-тўйчиқларда ҳаддан зиёд исрофгарчилик авж олганини кескин танқид қилганлар. “Бизни кемиргувчи иллатлар деганда заҳму маразними гумон этарсиз? Ёинки сил, силария ва моховликними дерсиз? Йўқ, андан ҳам ёмонроқ ва андан ҳам жонхарош, бевоя, хонавайрон ва ғариб этгувчи бир дард, биз – туркистонийларни шаҳри ва қишлоқи ёйинки ярим маданий, ярим ваҳший синфларимизғача истило этиб, бутун тириклигимизға сарилган ва бизни инқирозға ва таҳликаға ва жаҳаннамға юмалататургон тўй, аза исминдаги икки қаттол душманни дерман”, деб ёзади Туркистон жадидларининг сардори Маҳмудхўжа Беҳбудий 1915 йили “Ойина” журналида чоп этилган мақоласида. Мутафаккир бобомиз уч кунлаб тўй қилиб уйланган навжувон йигитлар бир умр қарздан қутула олмай бор-будини сотишга мажбур бўлаётганини надомат ила ёзаркан, дабдабали маросимларни “мусибат” деб атайди. Улуғ шоир Абдулҳамид Чўлпоннинг қуйидаги мисралари ҳам Беҳбудий фикрларига ҳамоҳанг янграйди:
“Мактаба йўқ бир тийини, тўйга минг сўмлаб берур,
Чораси мушкул касалга мубталодир бизни(нг) халқ”.
Қарангки, орадан бир аср ўтган бўлса-да, жадид ойдинлари даво истаган дарддан ҳамон халос бўла олмабмиз. Ҳали-ҳамон дабдабали тўй ва хурофий аза маросимлари сабаб кўпчилигимиз янглиш сўқмоқларда улоқиб юрибмиз. Гоҳида кераксиз ташвишлар уммонига ғарқ бўлиб “Мақсад на эди жаҳона келдинг?!” деган сўроқни ҳам унутиб қўяётирмиз.
Мисқоллаб йиғиб, ботмонлаб совурмайлик
Аксар замондошларимиз тўйга шунчаки бир оилавий маросим, икки ёшнинг никоҳ риштаси ила боғланганини элга овоза қилиш ёки ўғил фарзанднинг қўлини ҳалоллаш тадбири деб эмас, балки ўзини ён-атрофдагиларга кўрсатиб қўйиш воситаси деб қараётгани ачинарлидир. Агар хомчўт қилиб кўрилса, наҳорги ош ёки никоҳ базми дастурхони учун кетадиган харажат “от билан туя” бўлмайди, яъни у қадар катта эмас. Аммо тўйгача ва тўйдан кейин бўладиган юз бир номдаги маросиму йиғинлар ҳатто ўзига тўқ оилаларнинг ҳам силласини қуритиши аниқ. Совчиликдан бошланган борди-келди нишона бериш, қуда танишув, нон синдириш, фотиҳа каби маросимларга уланиб кетади. “Бор товоғим, кел товоғим” деганларидек, ҳар икки томон бир-бирига сарпо-суруқ, латта-путта, дов-дастгоҳ юборади. Сираси, турфа хил маросимлар учун тўйдан кўпроқ маблағ харжлайди. Тўйдан кейин эса юз очди, чарлар, ота кўрди, сеп ёйди, қуда чақирди, куёв чақирди, келин чақирди, тоғора юбориш каби яна ўнлаб номдаги маросимлар! Ҳудудларимизга қараб маросимларнинг номи, кўлами ўзгариб боради. Ақиқа, мучал тўйи каби маросимларни дабдабаю асъаса билан ўтказиш ҳам анъана ҳукмига кирмоқда. Уч, етти, пайшанбалик, йигирма, қирқ, йил оши, мато улашиш, қовун тарқатиш каби дафн ва мотам билан боғлиқ ортиқча тадбирлар эса алоҳида тадқиқот мавзусидир.
Алқисса, тўй маросимларида ўз ютуқларини кўз-кўз қилиш, мол-давлати билан мақтанишга интилиш кучайиб бормоқда. Абдулла Қодирийнинг “Бахтсиз куёв” драмаси эсингиздами, тўй аталмиш орзу-ҳавас қопқонига тушган ёшлар фожиали тарзда ҳалок бўлади. Муаллиф драмани бежиз “Туркистон маишатидин олинган тўрт пардали фожиа” деб атамаган. Афсуски, бугун ҳам шу машмаша ортидан бўйнигача қарзга ботаётган оилалар кўплаб топилади. Тўй куни ўнлаб хориж маркабини ёллаган куёвтўра тўйдан кейин ҳатто автобусга ҳам йўлкира топа олмай қолиши-да аччиқ ҳақиқат.
Муҳожиротда ишлаётган ватандошимиз игна билан қудуқ қазиб пул топади. Қаҳратон совуқда дарахт кесади, жазирамада иморат кўтаради, кунни кун, тунни тун демай ҳаммоллик қилади. Уч-тўрт танга топиш учун мусофир ўлкалардаги ишбошиларнинг аччиқ-тизиқ гапларига, таъна-дашномларига ҳам сабр қилади. Кейин эса... мисқоллаб йиғилган маблағ ботмонлаб совурилади.
Асосан маҳаллаларда, аҳоли гавжум ҳудудларда жойлашган тўйхоналардаги шовқин-сурон ҳам эътибор қаратиш лозим бўлган масалалардан биридир. Меҳмонлар тўй эгасининг шодлигига шерик бўлиш ўрнига тезроқ маъракани тарк этиш тадоригини кўриши, никоҳ базмларимиз ёш-ялангнинг дискотека майдонига айланганига ҳам қулоқни қоматга келтирувчи шовқин сабабчи. Бу жиҳатдан, тўйхоналарнинг акустикасини стандартлар асосида бўлишини қатъий назорат қилиш ҳам соғлиққа, ҳам кайфиятга ижобий таъсир кўрсатади.
Энг баракали никоҳ
Тўй-ҳашам, маърака маросимларини ўта дабдабали тарзда ўтказиш, бу жабҳада носоғлом рақобатнинг авж олиши наинки соф инсоний фитратга, муқаддас динимиз таълимотларига ҳам тўғри келмайди. Юртимизнинг обрўли уламолари, нуроний отахонларимиз, кайвониларимиз ҳам бу ҳақда кўпдан бери ваъз-насиҳат қилиб келади. Ислом динига кўра оила қурмоқчи бўлган йигит кучи етганича, ўзини ортиқча уринтирмай зиёфат – валийма қилиб бериши суннат саналади. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам уйланганларида имконлари борича дастурхон ёзганлар. Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадиси шарифга кўра, Пайғамбаримиз “Энг баракали никоҳ – харажатлари енгил бўлганидир” деб марҳамат қилганлар. Устоз уламолар таъкидлаганидек, тўй маросимларини ўтказишда энг мақбул йўл – исроф ҳам, бахиллик ҳам қилмай ўрта йўлни тутмоқдир. “Ислом динини оғирлаштирманг, енгиллаштиринг!” деган олтин қоида тўй ва аза маросимларига ҳам тааллуқли, албатта.
Тўйлар ҳам миллат маънавиятининг кўзгуси, десак муболаға бўлмайди. Яъни тўйлар қандай ўтаётганига қараб миллатнинг маърифий савияси, ахлоқий даражаси ва эртанги кун учун мақсад-мўлжаллари ҳақида хулоса ясаш мумкин.
Тўй сабаб кўпкари, кураш каби миллий ўйинларимиз, халқона қўшиқ ва лапарлар, бахшичилик анъаналари, мақом йўл-усуллари, рақслар асрлар синовидан эсон-омон ўтганини ҳам қайд этиш жоиз. Шу маънода давлатманд тадбиркор, ишбилармон, тужжорларнинг кўпкарили, курашли тўй қилишига имкон берган ҳам маъқул кўринади. Илло, ўша сарватдор ватандошлар илму маърифатга ҳомийлик, хайру саховатни ҳам унутмасалар!.. Умуман, хатна тўйларига миллий ўйинларни, никоҳ маросимларига эса миллий қадриятларни сингдириш мақсадга мувофиқдир.
Беҳбудий ибрати
Тўй-ҳашам ҳақида сўз борар экан, раҳбарлар, давлат идоралари хизматчиларининг масъулиятини алоҳида эслатиб ўтиш лозим. Бугунги ахборот технологиялари даврида мансабдорларнинг ҳаёт тарзи, тутумларидан раият беш қўлдек хабардор. Таъбир жоиз бўлса, одамлар раҳбар шахсларнинг ҳар бир хатти-ҳаракатини худди заррабиндагидек кўриб-билиб турибди. Бинобарин, масъул вазифадаги шахсларнинг тўйни шоҳона дабдаба билан ўтказиши одамларда норозилик уйғотади, шубҳа-гумонларга йўғрилган саволлар туғдиради. Ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳам бир неча мажлисда тўйларни ихчам, камчиқим ўтказиш масаласига эътибор қаратган. Хусусан, 2018 йили Навоий вилоятида бўлиб ўтган йиғилишда масъул лавозимдаги шахсларнинг тўйларни дабдаба билан ўтказиши юртдошларимизнинг ғашини келтираётгани қайд этилиб, бунинг ўрнига камбағал оилалар ҳолидан хабар олиш лозимлиги таъкидланган эди.
Дарҳақиқат, раҳбарлар ва давлат хизматчилари ихчам ва харажатлар расамади билан, оқилона тақсимланган тўйларни ўтказишда барчага ўрнак кўрсатиши шарт. Мансабдор тўйни ўзи яшайдиган маҳалла аҳли, яқин ҳамкасблари, дўстлари иштирокида камтарона ўтказса, ҳам обрў-эътибори ортади, ҳам қолганларга ибрат бўлади. Бу жиҳатдан имкони бўлатуриб, дабдабага йўл қўймаган раҳбарларнинг тўйини ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситалари орқали тарғиб қилиш керак.
Эътибор берилса, давлатимиз раҳбари мамлакатнинг турли ҳудудларида ватандошларимизнинг уйига ташриф буюрган вақтда дастурхон озгинаю созгина қабилида, кўркам қилиб тузалади. Тўй дастурхонларини ҳам ана шундай исрофдан йироқ тарзда тузаш лозим.
Ўз даврида жадид ҳаракати пешвоси Маҳмудхўжа Беҳбудий амалдорлар ва уламоларни камхарж тўй ўтказишга ундаб, барчага – аркони давлат ва раиятга ҳаётий ибрат кўрсатган эди. Беҳбудий 1909 йил апрель ойида кам пул сарфлаб ўғли Мақсудхўжанинг қўлини ҳалоллайди. Хатна тўйига кетиши лозим бўлган пулларга эса Самарқанд шаҳридан бир бинони сотиб олиб, кутубхона очади. Маърифатпарвар бобомиз кутубхонага бир неча минг сўм сарфлаб, Миср, Туркия ва Россиядан китоблар келтиради. Раҳбарлар, давлатмандлар, умуман, барча улги олгудек ҳодиса!
Ижтимоий тармоқлар орқали гоҳ-гоҳида қай бир вилоятлик келин-куёв тўйга аталган маблағини меҳрибонлик уйига хайрия қилгани ёки маҳалла йўлини таъмирлашга сарфлагани ҳақидаги хабарларни ўқиб қоламиз. Бундай ибратли ҳолатларни ҳар қанча тарғиб-ташвиқ этсак кам.
Орзуга айб йўқми?..
Тарихга назар ташласак, тўйларни тартибга солиш ҳаракатлари куни кеча бошланмаганига амин бўламиз. Манбаларга кўра, ХХ аср бошларида Бухоро амирлигида тўй-ҳашамлар бир неча кун, гоҳида ҳафталаб давом этган. Меҳмонларга кунига анвойи таомлар тортилгани етмагандек, чопон кийдириш, ширинлик улашиш ҳам урфга кирган. Шу сабаб Амир Олимхон 1911 йилнинг мартида тўйларда исрофгарчиликка барҳам беришга доир фармон чиқарган. Чекловларни бузганларга даррадан тортиб ўлимга қадар оғир жазолар белгиланган. Совет замонида хатна тўйи тақиқлангани, комсомолча, яъни “қизил” тўй жорий этилгани катта авлоднинг ёдида, албатта.
Яқин тарихимиз ва кейинги йилларда ҳам тўйларни тартибга солишга доир бир қатор ҳужжатлар қабул қилинди. Бу борада Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенат кенгашларининг 2019 йил 14 сентябрдаги қўшма қарорини эслаш жоиз. Воқелик яна бир карра тасдиқламоқдаки, ҳар қанча ҳужжатлар қабул қилинмасин, расмий тақиқлар жорий этилмасин, одамларнинг онгу тафаккури ўзгармас экан, вазиятни ислоҳ қилиш амримаҳол.
Коронавирус пандемияси даврида тўй-ҳашамлар табиий равишда ихчамлашди. Қарангки, одамлар маҳаллада дув-дув гап бўладиган тўй ўтказмай ҳам рисоладагидек яшаши мумкин экан. Пандемиядан кейин юртимиз бўйлаб аксар тўйхоналар таълим марказлари, хусусий мактабларга айланди. Маънавият соҳаси вакили сифатида бизни емакхонаю тўйхоналардан кўра маърифат, маданият масканлари кўпайгани қувонтиради, албатта.
Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти ўтган йили аҳоли ўртасида оилавий ажралишлар бўйича сўровнома ўтказди. Сўровномада жами 350 мингга яқин респондент қатнашди. Сўровнома натижасига кўра, ажралишларга сабр-қаноатнинг йўқлиги, урф-одат ва маросимларнинг серхаражатлиги, ижтимоий табақаланиш кучайгани асосий сабаблар сифатида кўрсатилган. Ўз навбатида, ҳар икки кишидан бири камхарж тўй ёки бошқа оилавий тадбирни ихчамроқ ўтказишга салбий муносабат билдирган. Уларнинг фикрига кўра, имкони бўлатуриб, камхаражат тўй қилиш кишининг жамиятдаги обрўсига ёмон таъсир кўрсатаркан...
Тўй айрим ҳолларда оилалар барбод бўлишига олиб келаётгани ҳақ-рост. Айни чоқда, жамият тўй аталмиш кўп асрлик тарихга эга удумдан воз кеча олмайди. Чунки тўй инсоннинг жамият ва оила олдидаги бурчини ҳис этишида муҳим восита саналади. Демак, маросимлар борасида мўътадил йўлни тутмоқ, олтин ўрталиқни топмоқ лозим.
Тўйдан юртимизга хорижий сайёҳларни кўпроқ жалб этишда ҳам фойдаланиш мумкин. Жумладан, ҳар бир ҳудуднинг тўй билан боғлиқ ўзига хос удумларини халқ билан бамаслаҳат белгилаб олиш, туристларни “бухороча тўй”, “сурхонча тўй”, “фарғонача тўй” каби миллий маросимларга жалб қилиш чораларини кўриш лозим.
Мажбурлов, чеклов чоралари ҳақида гап очсак, эҳтимол, жамоатчиликка у қадар маъқул келмас. Аммо баъзи ҳудудларда вазият шу ҳолатга келганки, дейлик, катта маърака қилганларни маълум муддатга ижтимоий дафтарларга киритмаслик, уларнинг зиммасига ижтимоий мажбурият юклаш каби чораларни кўриш лозимдек туюлади.
“Орзуга айб йўқ”, дейди доно халқимиз. Инсон юксак мақсад-марраларни кўзлагани қандай соз! Аммо орзу-истакларнинг фақат тўй-ҳашамдангина иборат бўлиб қолишини асло оқлаб бўлмайди. Жаҳонга теран нигоҳ билан боқайлик: мўйсафид курраи арз кўз ўнгимизда ўзгармоқда. Мутараққий миллатлар Марс каби сайёраларни ишғол қилиш устида бош қотирмоқда, пешқадам олимлар кўз кўриб қулоқ эшитмаган кашфиётларга қўл урмоқда. Тараққиёти шиддати ошиб кетган бугунги даврда оёғимизга тушов бўлаётган камчилик ва қусурлардан халос бўлиб, юксак илм-маърифат чўққилари сари интилмоғимиз даркор. Фалон тонна ош дамлаш, фалон минг кишига дастурхон ёзиш билан эмас, балки замонавий мактаблар, улкан кутубхоналар барпо этиш борасида мусобақалашмоқ замони бугун!
Олимжон ДАВЛАТОВ,
Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти директори,
филология фанлари бўйича фалсафа доктори